Ўзбекистонда мевалар ва узумнинг 150 зиёд янги навлари яратилди

Дата: 18:50, 18-05-2017.

Тошкент. 18 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мевалар ва узумнинг 150 ортиқ янги навлари яратилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА).

“Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари томонидан мевалар ва узумнинг 150 дан ортиқ янги нави яратилди. Шафтолининг “Учқун”, “Гулноз”, “Истиқбол” “Ҳилола”, олхўрининг “Ярхи”, тоғ олчанинг “Мухтор”, “Майсара” ва “Ҳосилот” навлари шулар сирасидандир. Боғбонларимиз мазкур навларни экиб, мўл ҳосил олмоқда. Олманинг 60%дан кўпроғи, нокнинг қарийб 50%, узумнинг 43%, қулупнайнинг 90%, ёнғоқнинг 90% Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги илмий тадқиқотлар натижасида яратилган навлар ташкил қилади. Бугунги кунда институт олимлари яратган 11 мева турининг 24 хил нави Давлат нав синаш комиссиясида синовдан ўтказилмоқда”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳозир илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари яратган 24 хил мева ва узум нави ҳамда улардан юқори ҳосил етиштириш технологиялари деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларида 179,1 минг гектардан ортиқ майдонда қўлланилмоқда. Энг яхши саноатбоп навлар мазкур марказ тизимидаги илмий-тадқиқот институтларида яратилган бўлиб, улар Марказий Осиё давлатлари, Россия, Украина, Ҳиндистон, Венгрия, Польша, Руминия, АҚШ ва бошқа мамлакатларда ҳам экилмоқда.

“Мамлакатимизда боғдорчилик ва узумчиликни янада ривожлантириш мақсадида интенсив технология асосида боғлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Нок, ўрик, олхўри, шафтоли, гилос ва олма боғлари тез ҳосилга кириши, юқори ҳосилдорлиги билан кўпчиликка маъқул бўлмоқда. Ёнғоқ, анжир ва хурмодан ҳам интенсив боғлар яратилиб, мўл ҳосил олиш мумкинлиги исботланди”, - дейди Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Баҳодир Холиқов.

Қайд этилишича, интенсив боғларни кенгайтириш мақсадида аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунда мамлакатимизда 32,4 минг гектар ерда ана шундай боғлар ташкил қилинган. 2017 йилда яна 13 минг гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: