Ўзбекистонда микрокредитлар бўйича фоиз ставкаси МБнинг қайта молиялаш ставкасига боғланди

Дата: 14:35, 02-06-2017.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда микрокредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг (МБ) қайта молиялаш ставкасига боғланди: қайта молиялаш ставкаси пасайса, микрокредитлар бўйича ставка ҳам пасаяди, бироқ қайта молиялаш ставкаси оширилса, ўзгаришсиз қолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу МБ томонидан ишлаб чиқилган “Тижорат банклари томонидан янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом”да белгиланган.

Микрокредитдан фойдаланмоқчи бўлганлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб олти ой мобайнида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тўловлилик, муддатлилик, таъминланганлик, пул маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва қайтариш шартлари асосида энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача миқдорда берилади.

Микрокредитлар қарз олувчига Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил январдаги “Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган фаолият турларига (савдо ва умумий овқатланиш соҳаларидан ташқари) ажратилади.

Айни пайтда, МБ маълумотларига кўра, фоиз ставкаси эса Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмайди. Агар микрокредит Имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилган бўлса, Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50% миқдорида белгиланади.

Имтиёзли давр ҳолда берилган микрокредит бўйича асосий қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади. Имтиёзли даврда фақат фоизлар ҳисобланади ва тўланади.

Кредит таъминоти сифатида мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови, банк ёки суғурта ташкилотининг кафолати, учинчи шахс кафиллиги, қарз олувчи томонидан олинган микрокредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилингани тўғрисидаги суғурта полиси каби турлардан бири тақдим этилади. Қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача миқдорда ажратилган микрокредит ҳисобига олинган товарлар ҳам кредит учун таъминот сифатида қабул қилиниши мумкин.

Шунингдек, энг кам иш ҳақининг 60 бараваригача миқдорда бўлган микрокредитлар бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг берган кафиллиги кредит таъминоти сифатида қабул қилинади.

Микрокредитга буюртмалар банк томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилади. Микрокредитлар нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади.

Банклар микрокредитлардан фойдаланиш муддати давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходими иштирокида микрокредитдан самарали ва мақсадли фойдаланилаётгани аниқлаш учун жойига чиқиб мониторинг ўтказиб боради ва тегишли далолатнома тузиб боради.

Микрокредитдан белгиланган мақсадларда фойдаланилмаган тақдирда, тижорат банки кредит шартномасида белгиланган тартибда кредитнинг бошқа мақсадда ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан илгари ундириб олиши мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: