Ўзбекистонда микрокредитлар бериш сезиларли даражада рағбатлантирилади

Дата: 16:41, 17-07-2018.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда микрокредитлар беришни сезиларли даражада рағбатлантириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, бунинг учун Бандликка кўмаклашиш жамғармасига республика бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг камида 50% ва ҳудудий жамғармаларнинг маблағлари асосан “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ва Халқ банки АТБда кредит линияларини очиш ва кейинчалик мазкур банклар томонидан республика туманлари ва шаҳарларида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик ва мини-лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар ажратиш мақсадида йўналтирилади.

Шу билан бирга, микрокредитлар кичик тадбиркорлик субъектларига, фермер ва деҳқон хўжаликларига, оилавий тадбиркорлик субъектларига шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари ва паррандалар, қишлоқ хўжалиги инвентари ва ускуналари, суғориш мосламалари харид қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол моллари ишлаб чиқариш учун замонавий мини-ускуна ва хом ашё харид қилиш, қишлоқ туманларида, айниқса, хотин-қизлар ўртасида касаначиликни ривожлантириш кабилар учун ажратилади.

 

Сурат манбаи: https://infinica.ru/uvelichenie-razmera-alimentov.php

Янгилик билан ўртоқлашиш: