Ўзбекистонда Миллий банклараро процессинг маркази таъсис этилади

Дата: 12:12, 20-09-2018.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Миллий банклараро процессинг маркази таъсис этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз юритилган.

Бундай марказни ташкил этишни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (МБ) таклиф қилди.

МБ 2019 йил 1 июлга қадар Миллий банклараро процессинг маркази, банклараро тўлов тизими ва клиринг марказининг фаолият юритиши учун маълумотларни қайта ишловчи тўлақонли марказ яратилишини таъминлаши зарур.

Шунингдек, 2020 йил 1 январга қадар МБ маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китобларда иштирок этувчи банклар ўртасида ахборот ва технологик алоқа ўрнатишга кўмаклашувчи Миллий банклараро процессинг марказини ишга тушириши лозим.

2020 йил 1 июлга қадар МБ мамлакатдаги барча процессинг марказларининг, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларининг бевосита Миллий банклараро процессинг марказининг ягона шлюзи орқали ишлашини таъминлаши зарур.

Ўзбекистон банклари ассоциацияси тижорат банклари билан биргаликда Миллий банклараро процессинг маркази лойиҳасини амалга ошириш давомида мавжуд процессинг марказларининг Миллий банклараро процессинг маркази билан интеграциялашувини ва ўзаро хизмат кўрсатилишини таъминлаши лозим.

Сурат манбаи: из http://uzlidep.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: