Ўзбекистонда миллий домен UZ-2014 интернет-фестивали бошланди
Дата: 16:56, 16-07-2014.
Тошкент. 16 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда миллий домен UZ-2014 интернет-фестивали бошланди, дея хабар берадиЎзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Жорий йилда интернет-фестиваль 15 июлда бошланиб, 22 сентябрга қадар давом этади. Фестиваль сайтида рўйхатдан ўтиш шакли жойлаштирилган бўлиб, тадбирда қатнашишни истаганлар уни 1 сентябргача тўлдиришлари лозим.
Конкурс шартларига кўра, фестиваль доирасида маҳаллий дастурчилар томонидан яратилган энг яхши мобиль иловалар, ижтимоий тармоқлардаги энг яхши саҳифалар, шунингдек, 10 тематик ва 2 махсус номинация бўйича баҳоланган энг яхши сайтлар аниқланади.
Шунингдек, ҳар бир тематик номинация бўйича маълум муддатда энг кўп ташриф буюрувчилар кирган 10 сайт ҳам тақдирланади.
Фестиваль якунлари “InfoCOM – 2014” Ахборот технологиялари ҳафталигининг биринчи кунида сарҳисоб қилинади.
Тадбир ташкилотчилари Ўзбекистон Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси, “UZINFOCOM” Компьютер ва ахборот технологияларини жорий қилиш маркази ва ривожлантириш маркази ва “InfoCOM.UZ” журналларидир.