Ўзбекистонда Миллий қонунчилик маълумотлари базасининг инглиз тилидаги версияси яратилади

Дата: 08:50, 03-04-2018.

Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ – Салоҳиятли инвесторларни Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган ҳуқуқий шарт-шароитлардан хабардор қилиш мақсадида Миллий қонунчилик маълумотлари базасининг инглиз тилидаги версияси яратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлигининг Сенат йиғилишида тингланган маълумотида айтилишича, қонун ҳужжатларини тезлик билан тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ишга туширилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллионга етганлигидан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларини аҳолига етказиш учун ижтимоий тармоқлардан кўпроқ фойдаланмоқда. “Фейсбук”, “Инстаграм”, “Твиттер”, “Одноклассники” каби оммабоп ижтимоий тармоқларда вазирликнинг саҳифалари очилди. Охирги 4 йил ичида 100 мингдан зиёд киши мазкур саҳифаларга кирди.

Вазирликнинг “Халқ билан мулоқот” саҳифаси интернетдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлди, ушбу саҳифага 100 минг киши қўшилди. “Телеграм” мессенжеридаги “Ҳуқуқий ахборот” канали 4 ой олдин ишга туширилди ва бугун 80 минг обуначига эга. У орқали 2500 дан ортиқ ахборот тарқатилди.

Қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ижтимоий тармоқлар орқали тушунтириш мақсадида уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) “Ҳуқуқий ахборот” видеоблоги лойиҳаси ишга туширилди.

Кўпчилик, айниқса қишлоқ жойлардаги аҳоли интернетдан фойдалана олмаслигини инобатга олиб, Адлия вазирлиги республика минтақаларидаги ишлар ҳолатини ўрганиб чиқди. Шу муносабат билан қисқа вақт ичида кодекслар ва қонун ҳужжатлари тўпламлари 70 минг нусхада чоп этилди ва жойларда тарқатилди.

Сурат манбаи: https://focus.ua/society/382990/

Янгилик билан ўртоқлашиш: