Ўзбекистонда миллий ошхона ҳақида китоб чоп этилди

Дата: 17:09, 19-05-2017.

Тошкент. 19 май. ЎзТАГ – Тошкентда ўзбек миллий ошхонасига бағишланган “Қуёшнинг 365 куни” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тақдимот Global Oil and Gas Uzbekistan Халқаро кўргазмаси маданият дастури доирасида ўтказилиб, нашр Dinara&Co нашриёт уйи томонидан “Ўзбекнефтегаз” МХК кўмагида тайёрланди.

Ташкилотчиларга кўра, “Қуёшнинг 365 куни” китобининг чоп этилиши нашриёт уйининг Welcome to Uzbekistan деб номланган тўпламидаги биринчи китоб бўлди. Лойиҳадан кўзланган мақсад – Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги салоҳиятини намоён этиш ва жаҳон ҳамжамияти эътиборига миллий таомларга янгича нигоҳни тақдим этишдан иборат.

Тадбир доирасида меҳмонларга китоб муаллифи таниқли ресторатор ва бренд-шеф Баҳриддин Чустий томонидан “Тандир ичидан мўъжиза” деб номланган ошпазлик шоуси тақдимот этилди. Унда ошпазлар “Ўзбекнефтгаз” МХК 25 йиллиги муносабати билан рамзий маънода тандирда 25 хил таом билан меҳмонларни сийладилар.

Хоразмлик ошпазлар тайёрлаган “Ижжон” гўшти, самарқандлик қандолатчилар пиширган шарқона “Пашмак” томошага завқ бағишлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: