Ўзбекистонда Миллий процессинг маркази яратиш режалаштирилмоқда
Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Миллий процессинг маркази яратиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бундай режалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
“2018 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда банклар – маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китоблар иштирокчилари ўртасида ахборот ва технологик ўзаро муносабатларни таъминловчи Миллий банк процессинг марказини ташкил этиш концепциясини ишлаб чиқсин”. – дейилади ҳужжатда.
Марказ транзакцияларнинг хавфсиз ва узлуксиз амалга оширилишини таъминловчи миллий чакана тўлов тизимини тузиш ва ривожлантириш, қулай тўлов хизматларини яратиш ва ривожлантириш, нақд пулсиз тўловларни амалга оширишда инновацион маҳсулотларни, шу жумладан, бевосита мулоқотсиз ва мобиль технологияларни ривожлантириш ҳамда илгари суриш, бевосита мулоқотсиз ва мобиль технологияларни, биринчи навбатда, ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш, транспорт, савдо, умумий овқатланиш соҳаларида, айниқса, ҳудудларда жорий этиш, халқаро тўлов тизимлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш билан шуғулланади.
Сурат манбаи: https://m.ru.sputniknews-uz.com/economy/20180324/7803397/v-uzbekistane-sozdadut-nacionalniy-processingoviy-centr.html