Ўзбекистонда миллий туристик портал қайтадан очилди
Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаcи Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси янгиланган uzbekistan.travel миллий туристик порталини қайтадан очди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу портал ҳам маҳаллий, ҳам ҳорижий сайёҳларга Ўзбекистон ҳақида кўпроқ фойдали маълумотларни билиб олишга ёрдам берувчи тизим ҳисобланади. Портал икки қисмга бўлинган бўлиб, уларда Ўзбекистон ҳақида зарур маълумотлар ва ўқиш учун қизиқарли ва батавсил ахборот материаллари жамланган. Шунингдек, сайтда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ошхонаси, сайёҳлик турлари, мамлакатга кириш қоидалари ва виза олиш ҳақида маълумотлар мавжуд”, - деб таъкидлашди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматида.
Туристик портал рус, инглиз, немис, француз, испан, хитой ва корейс тилларида ишлайди. Айни дамда портални янада бойитиш мақсадида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан туризм йўналишига доир турли материаллар тўпланмоқда.