Ўзбекистонда MIT.uz иккинчи Миллий интернет танлови бошланди

Дата: 11:55, 28-04-2014.

Тошкент. 28 апрель. ЎзТАГ – «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати MIT.uz II миллий интернет танлови бошланганини эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Танлов ўнта асосий ва тўртта қўшимча йўналишлар бўйича бўлиб ўтади. Ғолиблар Ўзбекистонинг тарихи, маданияти ва санъати, истиқлол ғоялари, маънавий қадриятлар, иқтисодиёт, сайёҳлик салоҳияти, маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлардаги ҳаётни акс эттирган энг яхши веб-сайтлар сингари йўналишлар бўйича эълон қилинади. Шунингдек, ёшлар иштирокида ўзбек мумтоз адабиёти ва шеъриятини кенг тарғиб этадиган энг яхши ролик, мамлакат табиати ва тарихий ёдгорликларини намойиш этадиган интернет тармоғидаги энг яхши фотогалереялар ҳам танлаб олинади.
Бундан ташқари, “Давлат тилидаги энг яхши сайт”, “Икки тилда яратилган энг яхши сайт”, “Мобиль алоқа воситалари учун мўлжалланган энг яхши сайт ёки қўшимча дастур”, “Энг яхши сайт дизайни” каби қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.
Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган веб-дизайнерлар, дастурчилар, интернет сайтлари муаллифлари, фотомухбирлар, журналистлар ва ёш ижодкорлар ўз сайтлари, фото ва видеоматериаллари билан қатнашиши мумкин. Танловда иштирок этаётган веб-сайтлар ҳакамлар ҳайъатидан ташқари, интернет фойдаланувчилар томонидан ҳам баҳоланади.
Эслатиб ўтамизки, биринчи миллий интернет танлови 2013 йилнинг март-август ойларида бўлиб ўтган эди. Унда 13 йўналиш бўйича 1100 нафарга яқин ёш дастурчи иштирок этган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: