Ўзбекистонда МХХ ДХХга айлантирилди

Дата: 16:29, 15-03-2018.

Тошкент. 15 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) этиб қайта ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир фармонни чоршанба куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолади, деб хабар қилди “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот 24” дастури.

Хусусан, ДХХ Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига ички ва ташқи таҳдидларга қарши кураш олиб боришни амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди.

Қарорга расмий шарҳда таъкидланишича, муассасанинг номидан “миллий хавфсизлик” тушунчасининг чиқарилиши унинг ваколатлари асоссиз тарзда кенгайишига шарт-шароит яратган омилларни бартараф этиш зарурати билан боғлиқ бўлиб, бу ҳолда локал миқёсдаги ҳар қандай муаммо миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилиши мумкин эди.

Мазкур ўзгартириш муассасанинг диққат-эътиборини давлат аҳамиятига эга реал таҳдидларга қаратади. “Давлат хавфсизлиги” атамаси хавфсизликни таъминлаш доирасини аниқ белгилайди ва мазкур соҳадаги фаолият йўналишларини ажратиб беради.

Шунингдек, фармон билан ДХХ фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Сурат манбаи: https://rus.ozodlik.org/a/28658798.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: