Ўзбекистонда “мобиль қуллик”ни бекор қилиш режалаштирилмоқда
Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “мобиль қуллик”ни бекор қилиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Абонент учун абонентлик рақамини кўчириш хизмати пуллик асосда кўрсатилади. Абонентлик рақамини ўтказишга абонентга 180 кун давомида бир маротабадан кўп бўлмаган тарзда рухсат этилади”, - дейилади Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси мобиль тармоқларида абонентлик рақамини кўчириш тўғрисидаги низом”да. Ҳужжат Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими (ҚҲТБТ) сайтида чоп этилган.
Шу билан бирга, мобиль алоқа операторлари учун ажратилган рақамлар ўтказилиши мумкин бўлади. Рақамни кўчиришга боғлиқ ҳолда териш шаклини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, симли телефон алоқаси учун фойдаланиладиган рақамларни мобиль тармоқлар ва аксинчасига ўтказиш таъқиқланади.
Буйруқ ва юқоридаги низом ҚҲТБТга 2018 йил 18 декабрда жойлаштирилган, муҳокама 2019 йил 2 январгача давом этади.
Сурат манбаи: https://bnews.kz