Ўзбекистонда мобиль қурилмаларни IMEI кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда

Дата: 16:00, 03-10-2017.

Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мобиль қурилмаларни халқаро идентификация коди (International Mobile Equipment Identity, IMEI) бўйича мажбурий рўйхатдан ўтказишни жорий этиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президентнинг бунга доир қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида жойлаштирилган.

Мазкур механизмнинг муқобилларидан кўплаб хорижий мамлакатларда фойдаланилади. Бу тизим мамлакат ичкарисига сертификатсиз мобиль алоқа қурилмаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланишга чек қўяди ва қарши курашади.

Шу билан бирга, қурилмаларни IMEI-код билан рўйхатдан ўтказиш тизими телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан рухсатсиз фойдаланишга қарши кураш самарадорлигининг ошиши, мобиль қурилмаларни ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатларни камайиши ва бу турдаги ўғирликларга қарши тезкор чораларни кўрилишига хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу тизимнинг жорий қилиниши маҳаллий мобиль қурилма ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашга, маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ва сифатини оширишга замин яратади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: