Ўзбекистонда молия, солиқ ва божхона органлари фаолияти танқидий ўрганилади
Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда молия, солиқ ва божхона органлари фаолияти танқидий ўрганилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 январдаги Р-5182 сонли “Молия, солиқ ва божхона органлари фаолиятини танқидий ўрганилишини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши билан кўзда тутилган.
Ҳужжатда айтилишича, молиявий, солиқ ва божхона органлари фаолиятини ташкил қилиш “замонавий талаблар ва халқаро стандартларга жавоб бермайдиган эскича ёндашувлар ва тамойилларига асосланишда давом этмоқда, бу эса ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда тўсқинлик қилувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда”.
Муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш мақсадида юқорида келтирилган органлар фаолиятини ўрганиш ва тубдан яхшилашга қаратилган таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссияси ташкил этилмоқда.
Комиссияга бошқарув ва назорат тизимларининг самарадорлигига, шу жумладан, режалаштириш ва комплекс таҳлил, барча даражадаги ходимлар томонидан амалга оширилаётган иш юки ва ҳажми, ички муассасавий ва ташқи назорат механизмлари самарадорлигига алоҳида эътибор бериш ҳақида кўрсатма берилди.
Молия, солиқ ва божхона органларининг вазифа ва функциялари, масъулият йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларининг замонавий талаблар ва халқаро стандартларга долзарблиги ва тўғри келиши ўрнанилади.
Қабул қилинаётган қарорларнинг самарали бажарилишини кузатиш ва таъминлаш имконини берувчи ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш ҳисобига кадрлар сонини оптималлаштириш кўзда тутилмоқда.
Комиссия, шунингдек, бюджетнинг даромад қисмининг ўсишига эътибор қаратиши керак. Бу иш, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар ва преференцияларни бекор қилиш, солиқ ва божхона тўловларининг, давлатнинг хўжалик юритувчи субъектларнинг устав жамғармаларидаги улушидан дивидендлар олишнинг қўшимча ва оқилона заҳираларини аниқлаш ҳисобига амалга оширилади. Бунда хорижда энг кам харажатлар билан яхши натижаларга эришишни ҳисобга олган ҳолда кенг қўлланадиган илғор ва синовдан ўтган усуллардан фойдаланилади.
Сурат манбаи: http://www.easttime.ru/news/uzbekistan/na-uzbekskoi-tamozhne-budut-proveryat-pochtu/10307