Ўзбекистонда МТС-Ўзбекистон негизида янги мобил оператор ташкил этилади
Тошкент. 5 август. ЎзТАГ – МТС-Ўзбекистон негизида ташкил этилаётган қўшма корхона (ҚК) Universal Mobile Systems деб номланади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбек тилидаги Kun.uz интернет-нашрининг маълумотларига кўра, ҳукумат томонидан “Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича Universal Mobile Systems қўшма корхонасини тузиш тўғрисида” қарор қабул қилинган.
Хужжатга мувофиқ, «Мобильные ТелеСистемы» (МТС) компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникацион технологиялар давлат қўмитаси қошидаги давлат унитар корхонаси ҚК таъсисчилари бўладилар.
Режаларга кўра, компания 15 августгача ташкил этилиши, 25 сентябрга қадар рўйхатдан ўтказилиши зарур. Компания техник ускуналарини созлаш ишлари 1 ноябрга қадар давом этиб, мижозларга 1 декабрдан бошлаб хизмат кўрсатила бошлайди, деб ёзади Kun.uz нашри.
Эслатиб ўтамизки, яқинда “Мобильные ТелеСистемы” компанияси ва Ўзбекистон Республикаси томонидан муроса битими имзоланган эди. Унга муофиқ, МТС Ўзбекистонда ўз фаолиятини давлат иштирокдаги ҚК доирасида давом эттиради. Шартномага асосан, ҚКнинг 50,01% низом жамғармаси “МТС”га, қолган 49,99% эса Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузурида ташкил этиладиган унитар корхонага тегишли бўлади. ҚК “МТС”нинг Ўзбекистондаги собиқ шўъбаси корхонаси – “Ўздунробита”га тегишли бўлган барча мол-мулк, қурилма ва ускуналар, инфратузилмалар негизида фаолият юритади.
Ўзбекистон ҳукумати операторга 2G/3G/LTE тармоқлари учун лицензиялар, зарурий частота диапазонлари, рақамлар сиғимини тақдим этади, алоқа каналлари ижараси билан таъминлайди, Ўзбекистондаги фаолият учун зарур бўлган барча рухсатномаларни беради.
Эслатиб ўтамизки, МТСнинг 100% шўъба корхонаси бўлган “Ўздунробита” Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг етакчиси эди. 2012 йилнинг июлида Давлат алоқа қўмитаси унинг лицензиясини аввал тўхтатиб қўйди, кейинчалик эса лицензия келишувининг бузилганлиги сабабли бутунлай бекор қилинди.
Компанияга $600 млнлик даъво киритилди. Кейинчалик Тошкент шаҳар хўжалик суди компанияни банкрот деб тан олди.
Ўзбекистон бозоридан кетиш чоғида МТС-Ўзбекистон 10 млндан ошиқ абонентга хизмат кўрсатар эди.


