Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув эълон қилинди

Дата: 10:10, 25-12-2015.

Тошкент. 25 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув тўғрисидаги қарор имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги хужжат “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қабул қилинган.

Хужжатда “Чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг чақирув ёшидаги фуқаролари 2016 йилнинг феврал-март ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилсин. Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув мобайнида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резервига олинсин”, - деб таъкидланади.

Шунингдек, “Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар 2016 йилнинг март-апрел ойларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилсин”, дейилади.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг котиби В.Маҳмудов зиммасига юкланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: