Ўзбекистонда Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда

Дата: 15:58, 21-02-2018.

Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – Эндиликда Ўзбекистон мудофаа саноати комплексини амалий қўллаб-қувватлаш, унинг салоҳиятини ривожлантириш ва ошириш, шунингдек, янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича дастурлар ва лойиҳаларни молиялаштиришга Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш жамғармаси маблағлари йўналтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил қилинмоқда. Қўмита президентнинг 2017 йил 20 ноябрдаги ПҚ-5246 қарори билан ташкил қилинмоқда.

Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг “Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида айтилади.

Шунингдек, жамғарма маблағлари қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник мулкни ишлаб чиқиш ҳамда модернизациялаш тадбирларини молиялаштиришга; мудофаа саноати соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишга; экспертлар, шу жумладан халқаро мутахассислар ишини ташкил этишга йўналтирилади.

Жамғарма қўмита кадрларини, жумладан, хорижий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тадбирларига; хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этишга маблағ йўналтиради.

Шунингдек, жамғарма маблағлари семинарлар, “давра суҳбатлари”, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар, Қўмитанинг профилактика ва бошқа тадбирларини ўтказишга; қўмита ахборот-коммуникация технологияларига хизмат кўрсатиш ва уларни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини амалга оширишга; Қўмитанинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари билан қопланмаган жорий харажатларига йўналтирилади.

Жамғарманинг 25 %дан ортиқ бўлмаган маблағлари Қўмита ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилади.

Сурат манбаи: http://tvoygorodpskov.ru/2018/02/737854-v-kazahstane-mozhet-poyavitsya-fond-razvitiya-oboronno.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: