Ўзбекистонда “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди

Дата: 20:31, 07-04-2014.

Тошкент. 7 апрель. ЎзТАГ –2014 йилнинг 6 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда мамлакат раҳбари томонидан 2013 йил 4 октябрда имзоланган “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Бу ҳақида Олий мажлик Қонунчилик палатаси томонидан ташкил этилган конференция давомида эълон қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Муҳокамада қайд этилишича, ушбу қонун миллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорга чиқиш имкониятини кенгайтириб, маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини беради.
Янги қонунда мувофиқликни баҳолаш соҳасида давлат назоратини юритаётган органларнинг ваколатлари аниқ белгиланган ҳамда ушбу соҳадаги органларни аккредитация қилиш механизмлари батафсил очиб берилган.
Эслатиб ўтамизки, қабул қилинган “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Метрология тўғрисида” ва “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунлар миллий стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимининг асосини ташкил этади. Улар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилишга имкон беради. Бу борадаги ишларга мувофиқликни баҳолайдиган 165 ташкилот, 378 синов ва 139 калибрлаш лабораторияси ҳам ўз ҳиссасини қўшаётир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: