Ўзбекистонда нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш бўйича низом ўзгартирилди

Дата: 10:24, 10-06-2015.

Тошкент. 10 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда хорижий валютани мамлакатдан олиб чиқиб кетиш бўйича Низом ўзгартирилди, деб хабар беради сешанба куни Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Lex.uz сайтида жойлаштирилган маълумотга асосланган ҳолда.

Ўзгаришлар асосан Марказий банк (МБ) томонидан резидент-жисмоний шахсларга мамлакатдан нақд валютани олиб чиқиб кетишга рухсат бериш тартибига таалуқли.

Айни пайтда олиб чиқиб кетиш мумкин бўлган валюта миқдори ўзгармаган. Республикадан ташқарига $5 мингдан ошиқ пулни олиб чиқиб кетиш учун жисмоний шахслар албатта МБ рухсатномасини олишлари зарур.

Жисмоний шахс рухсатнома олиш учун Марказий банкка Низом иловасида кўрсатилган шаклда ариза, паспорт нусхаси, нақд хорижий валютанинг келиб чиқиш манбасини тасдиқловчи хужжатлар нусхалари, командировкага кетаётган шахслар учун хорижга хизмат сафарига жўнатиш ҳақидаги буйруқ нусхаси, хорижга чиқиш мақсадини тасдиқловчи ҳужжатлар, ҳукумат делегациялари аъзолари – Вазирлар Маҳкамаси қарори нусхаси каби хужжатлар тақдим этиши зарур.

Жисмоний шахслар-резидентларнинг аризаларини кўриб чиқиш ва уларга рухсатномаларни бериш ёки беришни рад этиш ариза келиб тушган санадан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан амалга оширилиши белгиланган.

Рухсатнома икки нусхада расмийлаштирилади, биринчи нусхаси жисмоний шахс-резидентга берилади, иккинчи нусхаси Марказий банкда қолдирилади. Рухсатнома берилган санадан бошлаб уч ой давомида ҳақиқий ҳисобланади.

Рухсат берилмаган тақдирда МБ бу ҳақида ёзма равишда хабар беради.

Эслатиб ўтамизки, резидентлар хорижга рухсат олмасдан туриб $2 минг миқдорида валюта олиб чиқишлари мумкин. Бундан ошиқ суммалар МБ ёки воколатли банк рухсати билан, $5 мингдан ошиқ сумма фақат МБ рухсати билан олиб чиқилади.

Шу билан бирга, норезидентлар мамлакатдан божхона декларациясида кўрсатган ҳолда олиб кирган миқдордаги нақд валютани олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: