Ўзбекистонда нанотехнологиялар бўйича изоҳли луғат чоп этилди
Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда нанотехнологиялар бўйича изоҳли луғат чоп этилди. У Unicon.Uz Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари марказининг Иборашунослик ва луғатлар маркази томонидан чиқарилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Марказдан хабар беришларича, физика, химия, механика, материалшунослик, биология ва бошқа фан соҳалари мутахассисларининг кўп йиллик тадқиқотлари нанотехнологияларнинг юзага келиши учун асос бўлганлиги сабабли, бугунги кунда “нанотехнология” атамасининг ўзи илмий тадқиқотларнинг кенг соҳаси учун умумлаштирувчи ҳисобланади.
Айнан шу сабабли ҳам, луғат нанотехнологик атамалардан ташқари, нанотехнологияларга бевосита алоқаси бўлмаган қатор таърифларни ҳам ўз ичига олади.
Нанотехнологиялар бўйича русча-ўзбекча изоҳли луғат нанофан, нанотехнология ва наноиндустрия ривожланиши натижасида юзага келган янги атамаларни, шунингдек, ёндош фанлар: коллоид кимёси, супрамолекуляр кимё, биокимё, полимерлар ва сирт кимёсидан олинган тушунчаларни ичига олади.
Луғатда яқинда синтезланган янги материалларга алоқадор атамалар ҳам ўрин олган.
Луғат 800 атрофида ибораларни ўз ичига олади.