Ўзбекистонда наркокурьерлар Қирғизистондан йирик партиядаги гашиш моддасини олиб кирганлик учун жазога ҳукм қилинди
Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Қувасой туман суди Қирғизистондан Ўзбекистонга йирик партиядаги наркотикларни олиб киришга уринган икки рецидивистларни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Марғилонда яшовчи Раҳматжон Юсупов Қувасойлик ҳамтовоғи Адҳамжон Сотиволдиев билан биргаликда Қирғизистон фуқароси бўлган “Куке” лақабли шахс билан тил бириктириб, Фарғона водийси ҳудудига 2 кг атрофида гашиш олиб киришга уринганлар”, - деб таъкидлади ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манба.
Қирғизистон фуқароси божхона постларини айланиб ўтиб, наркотикларни нейтрал ҳудудга етказиб келган ҳамда уни Юсуповга $2,4 минг эвазига сотган. Юсупов ва Сотиволдиевлар товарни олиб, автомобилда Қувасойдан Фарғона томонга йўл олганлар.
Йўлга уларни Ўзбекистон куч тизимлари ходимлари тўхтатганлар. Автомобилни кўздан кечиришда олдинги ўриндиқ остида бир ўрам топилди. Экспертиза унда оғирлиги 1,96 кг бўлган гашиш борлигини аниқлади.
Раҳматжон Юсупов жинояти учун 11 йил 6 ой, Адҳамжон Сотиволдиев 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олди. Улар жазони қаттиқ режимдаги колонияларда ўтайдилар.


