Ўзбекистонда Наврўз байрами арафасида умумхалқ ҳашари бўлиб ўтади
Тошкент. 13 март. ЎзТАГ – 18-19 мартда Ўзбекистонда Наврўз байрами арафасида умумхалқ ҳашари бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) мамлакат Адлия вазирлигининг расмий Telegram-каналига асосланган ҳолда.
Хабар берилишича, шанбалик доирасида маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш ва ёрдам кўрсатиш ҳам режалаштирилган.
Анъанага мувофиқ, шу куни вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг банкдаги ҳисоб рақамларига ихтиёрий равишда ўтказилади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда жорий йилда Наврўз байрами муносабати билан 18 мартдан 22 мартгача беш кун давомида дам олинади. Бу ички туризмни ривожлантириш мақсадларида қилинмоқда.
Сурат манбаи: http://karmanaovozi.uz/madaniyat/page/13/


