Ўзбекистонда Наврўз шарафига яриммарафон ўтказилади
Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда анънавий Наврўз баҳор байрами шарафига халқаро яриммарафон ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг “Наврўз байрамига бағишланган I Тошкент халқаро ярим марафонини ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига (www.regulation.uz) жойлаштирилди.
Ҳужжатни ишлаб чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан хабар қилишларича, қарор лойиҳасида марафон 22-24 март кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилиши, яриммарафон трассаси чизмаси ҳам келтирилган.
Шунингдек, марафонни маҳаллий ва хорижий телеканаллар ҳамда интернет тармоғи орқали HD форматда тўғридан-тўғри трансляция қилиш кўзда тутилган.
Яриммарафоннинг ҳаваскорлар учун узунлиги 5 километрни, профессионаллар учун эса 21 километрни ташкил этади.
Халқаро яриммарафон пойтахтнинг диққатга сазовор жойлари, марказий кўчалари бўйлаб ташкил этилиб, бошланиш ва якунланиш жойида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтади.
Марафон 3000 нафарга яқин хорижлик ва маҳаллий иштирокчиларни жалб қилиши кутилмоқда.
Сурат манбаи: https://www.culture.ru