Ўзбекистонда ноқобил оилаларнинг болалари учун экскурсия ташкил этилди
Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – “Камолот” кунлари” лойиҳаси доирасида профилактик рўйхатда турган ва ноқобил оилаларда тарбияланаётган болалар учун экскурсия ташкил этилди, дея хабар беради ЎзА.
25-26 март кунлари бўлиб ўтган экскурсия давомида болалар Турин политехника университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Темирийлар давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ёшлар ижодиёти марказидаги фотокўргазма ва тасвирий санъат асарлари кўргазмаларини бориб кўришди.
Шунингдек, болалар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар кенгаши қошида ташкил этилган “Етакчилар мактаби” тақдимоти ва “Ўзбекфильм” студиясида суратга олинган “Уй эгаси” фильми намойишида ҳам бўлишди.
“Камолот” кунлари” лойиҳаси Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ва “Камолот” ЁИҲ шаҳар кенгаши томонидан ташкил этилган. У Президентнинг 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида давлат ёшлар ҳаракатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилмоқда.