Ўзбекистонда ноқонуний бузиш учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин
Тошкент. 26 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ноқонуний бузиш учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Адлия вазирлиги томонидан айрим қонун ҳужжатларига мулкдорларга етказилган зарар учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди", - дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамаси 23 декабрь куни олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини тақдим этди.
"Лойиҳада ЎзР маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини янги 61-3-модда билан тўлдириш режалаштирилган. Ўзгартиришларга кўра, ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш 100 баробардан 150 баробаргача бўлган миқдорда мансабдор шахсларга жарима солишга олиб келиши мумкин. Худди шундай ҳуқуқбузарликлар олиб қўйилаётган ер участкасидаги бино, бошқа иморат, иншоот ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, зарарнинг ўрни мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташланиши оқибатида кўп бўлмаган миқдорда зарар етишига олиб келса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилмоқда", - деб қайд этилади хабарда.
Шунингдек, агар ер участкаларини олиб қўйиш тартибининг бузилиши маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир бўладиган бўлса, бунинг учун тавсия этилган янги 173-1-моддага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексига жиноят жавобгарлик келиб чиқиши белгилаб қўйилмоқда.
"Модда санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 250 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган", - дейилади хабарда.
Бундан ташқари лойиҳада ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш олиб қўйилаётган ер участкасидаги бино, бошқа иморат, иншоот ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, зарарнинг ўрни мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлган ҳолларда оғирроқ жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, ушбу ҳолатларда жавобгарлик юқорида санаб ўтилган ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ёки мулкдорга етказилган жиддий зарар бўлса, содир бўлади.
"Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мулкдорлар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди ва давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг бу борадаги масъулиятини оширади", - деб якунланади хабар.
Сурат манбаи: ia-centr.ru