Ўзбекистонда ноқонуний молия айланмаси устидан ички назорат кучайтирилди

Дата: 10:43, 21-06-2017.

Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки ва Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан янги тахрирдаги “Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари”нинг янги таҳрири тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎзМБ маълумотларига кўра, хужжат “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ қабул қилинди.

Қоидаларнинг янги тахририда 2016 йил 25 апрелдаги 405-сонли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (FATF) янги Тавсияларидаги талаблар акс этган.

Жумладан, “ички назорат”, “бенефициар мулкдор” ва “мунтазам равишда амалга ошириладиган операциялар” каби асосий тушунчаларга қайтадан таъриф берилган. Шу билан бирга “юқори мансабдор шахслар”, “пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш” ва “операцияларни тўхтатиб туриш” каби тушунчалар киритилиб, уларга тегишли таъриф берилган.

Киритилган янгиликлардан яна бири бу - юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган мижозлар ва операциялар бўйича лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўриш механизми. Бундан ташқари, Марказий банкнинг услубий қўлланмалари асосида жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ операцияларни дастлабки аниқлаш индикаторлари тизимини йўлга қўйиш чоралари кўзда тутилган.

Амалий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, мижозларни лозим даражада текшириш мажбурий холатлари ҳамда шубҳали ва гумонли операциялар мезонлари қайтадан кўриб чиқилиб, халқаро терроризм фаоллигини ўсиши билан боғлиқ замонавий таҳдидларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида янги аломатлар билан тўлдирилган.

Шунингдек, қоидаларга «Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисида»ги Низомга (Адлия вазирлигидаги рўйхат рақами №2833 2016 йил 11 октябрь) асосан тегишли қўшимчалар киритилган.

Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга
киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: