Ўзбекистонда нодавлат нотариусларининг фаолияти қайта тикланади

Дата: 13:52, 10-07-2017.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ –  2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда 2010 йил майда тугатилган нодавлат нотариуслар фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. ЎзА хабарига кўра, бу ҳақида жума куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан жорий йилнинг 12-17 июн кунлари кенг жамоатчилик ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари бўйича матбуот анжуманида хабар қилинди. 

Онлайн-сўровда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 1104 фуқаро иштирок этди. Жамоатчилик сўрови аҳоли ўртасида нотариал хизматларга бўлган талаб юқори эканини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг ҳар учинчиси сўнгги бир ойда нотариусларга мурожаат қилгани, ҳар тўртинчи респондент охирги уч ойда мазкур турдаги давлат хизматидан фойдалангани шундан далолат бермоқда. 

Деярли 65% респондентлар нотариал хизматлардан фойдаланишда ноқонуний ҳаракатларга гувоҳ бўлганини қайд этди. 60% ортиқ сўров қатнашчилари прейскурантда кўрсатилганидан кўп пул талаб қилинганини айтиб ўтди. Яна шунча киши нотариал хизматлардан фойдаланиш нархларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди. Яна 70% сўров иштирокчилари хужжатлар рўйхатини соддалаштириш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун ягона ахборотлар базаси ярратиш зарур деб ҳисоблайди.

Таҳлиллар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ишларни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда нотариал идоралар ахборот бурчакларида кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган давлат божлари миқдори аниқ кўрсатилганига қарамай, сўровда фуқароларнинг учтадан биттаси нотариал идоралар томонидан хизмат кўрсатиш тартиб-таомилларини, нотариал хизматлар учун олинадиган давлат божи миқдорларини билмаслиги маълум бўлган. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тизимдаги нопок ходимларни аниқлаш бўйича ҳам изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган рейдлар натижасида 67 ходимга турли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилган. Жумладан, нотариал идораларнинг 5 ходими ишдан бўшатилган, 27 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. 

Тадбирда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг қарийб ярми турли ҳужжатларни тасдиқлаш билан боғлиқлиги инобатга олиниб, мажбурий тасдиқдан ўтказилиши лозим бўлган ҳужжатлар сонини қисқартириш бўйича иш олиб борилаётгани таъкидланди.

 Фуқароларнинг нотариуслар қабулига электрон тартибда ёзилишини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Тизим ишга тушиши натижасида мурожаат этувчиларнинг нотариал идоралар олдида навбат кутишига барҳам берилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: