Ўзбекистонда нодавлат-нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш соддалаштирилди
Тошкент. 14 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ННТ давлат рўйхатига олиш учун тўланадиган бож 5 бараварга камайтирилди. Ушбу ва бошқа ўзгартишлар ҳукумат томонидан 10 март куни қабул қилинган қарорда акс этган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш институтидан хабар беришларича, нафақат давлат божи ҳажми, балки ННТ рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш муддати ҳам қисқартирилган бўлиб, у икки ойдан бир ойга туширилган.
Айни пайтда рўйхатга олувчи орган ушбу муддатни чўзиш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек, аризани эътиборсиз қолдириши ҳам мумкин эмас.
Ҳукумат қарори билан адлия органларига тақдим этиладиган хужжатлар рўйхати ва уларнинг нусхалари сони ҳам қисқартирилган, шунингдек, нотариал тасдиқланган таъсис хужжатлари ҳам тақдим этиш зарур эмас.
Қайта рўйхатдан ўтказиш тартиблари ҳам соддалаштирилган. Бунинг учун адлия органига ваколатли органнинг таъсис хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарорини, шунингдек, ўзгартиш ва қўшимчаларнинг матнини тақдим этишнинг ўзи кифоя.
Илгари қайта рўйхатга олиш учун рўйхатга олишда тақдим этиладиган хужжатлар талаб қилинар эди. 2014 йилнинг 1 январига келиб Ўзбекистонда 8 минг атрофида ННТ рўйхатга олинган.