Ўзбекистонда носвойга спайс қўшиш ҳолатлари аниқланди
Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда носвойга спайс қўшиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар қилади Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасининг гиёҳванд воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни текшириш бўлими бошлиғи, полковник Олег Кимнинг куни кеча бўлиб ўтган брифингда берган маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда мамлакат туманларида спайслар гашиш ва афюнга қараганда арзон бўлгани сабабли тарқалиши ҳолатлари кўп учрамоқда.
Унинг айтишича, бу ҳолат бутун Марказий Осиё давлатлари учун катта хавф туғдирмоқда. “Ўтган йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари 32 бундай ҳолатни аниқлаб, жами 293 грамм турли хилдаги спайсларни олиб қўйганлар. Тошкентда эса бунинг натижасида бир марта ўлим ҳолати ҳам қайд этилган. Аммо бу йили бир марта ҳам юқоридаги ҳолат кузатилмади. Чунки пойтахт милицияси синтетик наркотиклар, жумладан, спайсларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш олиб бормоқда”, - деди тергов бошқармаси вакили.
Айни пайтда ушбу наркотик моддани аниқлаш жуда қийинлигини айтиб ўтди. Ҳайдовчи, спортчи ва болада наркотик мастлик борлигини исботлаш деярли мумкин эмас. “Спайс ёки синтетик наркотиклар инсон организмида жуда тез сўрилади, уларни чекиш, ҳидлаш, ичимликларда эритиш мумкин. Ушбу наркотик моддалар мамлакатда қонуний равишда қўлланадиган носвойга қўшила бошлади. Унинг ранги, ҳиди ва таъми йўқ ва дозаси бошқа наркотикларга қараганда ўнлаб баравар кам”, - деди Олег Ким.