Ўзбекистонда нотариал ҳаракатлар тартиби ўзгартирилди

Дата: 22:52, 30-12-2015.

Тошкент. 30 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби ўзгартирилди. Адлия вазирининг бу ҳақидаги қарори вазирлик томонидан 22 декабрда 2090-10 сон билан рўйхатга олинган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлигидан хабар беришларича, хужжат билан Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, янги тартибга кўра, ижарага берилаётган мулк давлат рўйхатидан ўтказиладиган мулк бўлса, нотариус шу куннинг ўзида тегишли нотариал идорадан ушбу мулкнинг бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмагани ва хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотномани олиши лозим. Айни пайтда ушбу маълумотнома олинганлиги учун тўлов ундириш таъқиқланади.

Олдин нотариус бу маълумотномани тадбиркорлик субъектлари мурожаат қилган ҳолда мустақил олар эди.

Одинлари мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда нотариус мулкни бериш/қабул қилиш хужжатини талаб қилар эди. эндиликда бунинг ўрнига нотариус томонларга мулкни ижарага юқоридаги хужжат асосида берилиши зарурлигини тушунтиради.

Бундан ташқари, васийлик ўрнатилган мулк устидан мулкни бир йилдан ортиққа ижарага беришда нотариус вайийлик органи розилигини талаб қилар эди. Энди розилик муддатдан қатъи назар талаб қилинади.

Шунингдек, мулк ҳуқуқи фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулкни ижарага беришни тасдиқлашда нотариусга кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилдини тақдим этиш зарур бўлади.

Буйруқ 2015 йил 28 декабрдан кучга киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: