Ўзбекистонда ноёб маданий-тарихий лойиҳа бошланмоқда

Дата: 15:50, 01-05-2017.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – 15-16 майда Тошкент ва Самарқандда “Ўзбекистоннинг маданий мероси – дунё тўпламларида” янги маданий-тарихий лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тадбирда “Ўзбекистоннинг маданий мероси” туркумида уч тилда нашр этилган китоб альбомларнинг дастлабки беш жилди – “Шарқ давлат музейи тўплами” (Москва ш.), “Россия этнография музейи тўплами” (Санкт-Петербург ш.), “Третьяков давлат галереяси тўплами” (Москва ш.), “Ўзбекистон гиламлари ва кашталари дунё тўпламларида” (Россия, АҚШ, Канада, Австралия), шунингдек, “Алишер Навоий асарлари Россия миллий кутубхонаси тўпламларида” (Санкт-Петербург ш.) китоблари намойиш этилади.

“Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистоннинг дунёнинг турли музейларида сақланаётган коллекциялари тўғрисидаги ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш этилади. Шу мақсадда лойиҳанинг ижодий гуруҳи томонидан дунёнинг 15та музейида тасвирга олиш ишлари олиб борилди ва таниқли олимлардан интервьюлар олинди”, - деб таъкидлашди лойиҳа ташкилотчилари.

Тадбир ташкилотчиларининг сўзларига кўра, лойиҳа дунёда қиёси йўқ ва қамрови бўйича ҳам тенгсиздир. Шуниси диққатга сазоворки, китоб-альбомларни нашрга тайёрлаш чоғида машҳур олимлар томонидан Ўзбекистондан чиқиб кетган энг яхши артефактларни тўплаш ва умумлаштириш бўйича жиддий тадқиқот ишлари олиб борилди. Улар орасида археология, кулолчилик, металл буюмлар, нумизматика, тўқимачилик, заргарлик санъати ва тасвирий санъат буюмлари бор.

Бундан ташқари нашр этишга тайёрланаётган 6 та жилд – “Ўзбекистоннинг мусиқий мероси”, “Давлат Эрмитажи тўплами”, “Давлат тарих музейи тўплами”, “Шарқ қўлёзмалари институти тўплами”, “Ўзбекистон гиламдўзлиги: асрлар оша сақланган анъаналар” ва “Германия музейлари тўпламлари” тақдимоти ҳам ўтказилади. Ҳар бир жилдни тайёрлаш кураторлари Ўзбекистоннинг таниқли олимлари, санъатшунослари, мусиқашунос ва шарқшунослари ҳисобланади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: