Ўзбекистонда очиқ Wi-Fi тармоқларида телефон қақами бўйича мажбурий рўйхатдан ўтиш жорий этилади
Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда очиқ Wi-Fi тармоқларида телефон қақами бўйича мажбурий рўйхатдан ўтиш жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йилнинг 10 июлидаги “Маълумотлар узатиш тармоқлари, жумладан янги таҳрирдаги Интернет хизматларини кўрсатиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги”ги буйруғи билан кўзда тутилган бўлиб, ҳужжат Ўзбекистонда Wi-Fi тармоқлари хавфсизлигини таъминлаш ва сайёҳликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Вазирлик зиммасига очиқ Wи-Фи тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини, хусусан очиқ Wi-Fi тармоқлари фойдаланувчиларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.
Бироқ очиқ Интернет тармоқларидан қонунга хилоф мақсадларда (товламачилик, коррупция) фойдаланиш, террорчилик ҳаракатларида қўллаш кўламининг ошиб бораётгани ҳамда бошқа омиллар жамоат жойларида Wi-Fi орқали Интернет хизматлари кўрсатишни тартибга солишни тақозо қилмоқда.
Маълумотлар узатиш тармоқлари, жумладан янги таҳрирдаги Интернет хизматларини кўрсатишнинг янги тартибида очиқ Интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича талаблар алоҳида бўлимда келтириб ўтилган. Унга кўра, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир Wi-Fi фойдаланувчиси очиқ Интернет тармоғидан фойдаланаётганда шахсини тасдиқлаши зарур.
Буйруқ бўйича янги киритилган тартиб-қоидага кўра, фойдаланувчилар ўз шахсларини мобил телефон рақамлари орқали ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар (чипта, меҳмонхонадан рўйхатдан ўтиш маълумотлари) орқали тасдиқлашлари мумкин. Фойдаланувчи мобил телефони орқали шахсини тасдиқламоқчи бўлса, чекланган муддатда фаолият кўрсатувчи (10 дақиқадан кўп бўлмаган) ҳамда фойдаланувчининг телефон рақамига SMS-хабар тарзида юборилган бир марталик кириш пароли (OTP – One Time Password) дан фойдаланилади.
Wi-Fi хизмати ташкилотчиси фойдаланувчининг телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган шахсий маълумотлари ҳамда хабарларининг махфийлигини таъминлаши шарт. Мазкур ҳолат бўйича чекловлар қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда амал қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамизки, жамоат жойларида Wi-Fi тармоғидан ўз шахсини тасдиқлаш орқали фойдаланиш амалиёти хорижда, жумладан Италия, Жанубий Корея, МДҲ мамлакатлари ва бир қатор давлатларда жорий қилинган.
Сурат манбаи: http://myofficemagazine.co.za/free-wifi-pipeline-joburg/