Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 3,2 баробарга камайди

Дата: 13:35, 14-11-2019.

Тошкент. 14 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 3,2 баробарга камайди, дея маълум қилди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"13 ноябрь куни Т. Норбоева "Одам савдосига қарши курашда судларнинг роли" мавзусидаги халқаро конференциянинг расмий очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади", - дейилади парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, одам савдосига қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 2019 йилда президент фармони билан Сенат раиси бошчилигида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди.

"Cotton Campaign, Human Rights Watch каби халқаро ташкилотларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда, одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилаш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида профилактика, тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди, натижада одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони сўнгги икки йилда қарийб 3,2 баробар камайди", - дея қайд этди Сенат раиси.

Шунингдек, у бу йил 250 мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий чоралар кўрилганини таъкидлади.

Бундан ташқари, чет элдаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Шу мақсадда одам савдосига қарши курашиш йўлидаги муаммоларнинг туб сабабларини чуқур таҳлил қилиш, жиноят-қидирув ишларини олиб боришда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини келишиб олиш зарурлиги таъкидланди.

 

Сурат манбаи: senat.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: