Ўзбекистонда Одил судлов академияси ташкил этилади

Дата: 15:59, 14-06-2017.

Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Одил судлов академияси ташкил этилиб, у телевидение ва ОАВ орқали тарғиб қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу таклиф 13 июн куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ўртага ташланди.

“Йиғилишда судьяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Президентимиз томонидан бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ихтисослашган ўқув муассасаси – Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақида билдирилган таклиф йиғилиш қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Тадбирда яна бир муҳим таклиф – халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибаларни оммалаштириш учун “Судьялар клуби” ва “Суд ҳимоясида” рукнлари остида марказий телеканаллар ва газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар эълон қилиб бориш ҳақида амалий фикр илгари сурилди ва йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: