Ўзбекистонда “Оиладаги тинчликдан дунёдаги тинчлик сари” халқаро акцияси бошланмоқда
Тошкент. 18 ноябр. ЎзТАГ – 19 ноябрда Ўзбекистонда “Оиладаги тинчликдан дунёдаги тинчлик сари” халқаро акцияси бошланади. 16 кун давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида аёллар ҳуқуқларини илгари суриш ва муҳофаза қилишга жамоатчилик фикрини жалб қилишга йўналтирилган тадбирлар бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
БМТ ваколатхонасидан маълум қилишларича, ҳар йили 25 ноябрдан 10 декабргача “аёлларга нисбатан зўровонликка қарши 16 кунлик ҳаракат” кампанияси ўтказилади.
Акция 1999 йилда бошланган бўлиб, БМТ томонидан халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва нодавлат ташкилотлари, аёлларга нисбатан зўравонликни йўқотиш ҳаракати фаоллари билан биргаликда ўтказилади.
Ўзбекистонда мазкур кампания “Оиладаги осоишталикдан дунё тинчлиги сари” шиори остида бўлиб ўтиб, у қуйидаги кунларни ўз ичига олади: Халқаро Аёлларга нисбатан зўровонликка барҳам бериш учун кураш куни (25 ноябр), Халқаро ОИТС га қарши кураш куни (1 декабр), Халқаро Ногиронлар куни (3 декабр), Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни (8 декабр) ва Халқаро Инсон ҳуқуқлари куни (10 декабр).
Акция бошида доира суҳбати ташкил этилиб, унда барча иштирокчиларга Тошкент шаҳри ва бутун Ўзбекистон бўйлаб тегишли тадбирларни ташкил этиш бўйича маслаҳатлар берилади.
20 ноябрда БМТ агентликлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича ташкилоти лойиҳаларининг мувофиқлаштирувчиси офиси, Ўзбекистон Хотин-қизлари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Нодавлат-нотижорат ташкилотлари уюшмаси, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, Халқаро “Кураш” уюшмаси ва Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик жамияти ходимлари иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтади.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда аёллар ва қизларнинг 35% ҳаёти давомида жисмоний ва бошқа шаклдаги зўравонликларга дуч келади. Аёлларга қарши зўравонлик тараққиётга салбий таъсир қилиб, турмуш даражасини яхшилаш, ОИТСга қарши кураш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш каби ишларни қийинлаштиради.