Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бир кредит доирасида 26 млн сўм ажратилади

Дата: 17:49, 08-06-2018.

Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бир кредит доирасида 26 млн сўм ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Дастурнинг асосий мақсади – тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлашдан иборат.

Дастурни амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ, Аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тавсиялар бериш бўйича махсус ишчи гуруҳ, туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида Тадбиркорлик фаолияти ташкил этишга амалий ёрдам бериш ҳамда мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилади.

Дастурга мувофиқ, тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача (25,836 млн сўм - ЎзТАГ) миқдорда – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари асосида берилади.

Бундан ташқари, имтиёзли кредитлар энг кам иш ҳақининг минг бараваригача (172,240 млн - ЎзТАГ) миқдорда – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари учун ажратилади.

Энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда кредитлар тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.

1 ЭКИҲ – 172240 сўм

Сурат манбаи: http://uzmolodej.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: