Ўзбекистонда ОИВ билан курашиш бўйича давлат дастури қабул қилинди

Дата: 17:00, 29-01-2018.

Тошкент. 29 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2018 йилда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш билан шуғулланувчи туманлараро диагностика лабораториялари ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари таркибига киритилади.

ОИВ инфекциясини юқтирган шахсларни даволаш самарадорлиги мониторингини олиб бориш учун зарур бўлган тест-системалар билан таъминлашга Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш босқичма-босқич ошириб борилишини назарда тутилмоқда.

 Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ОИВ инфекцияси ва қўшимча касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун зарур бўлган диагностикумлар ва тест-системаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш топширилди.

 Маъсул муассасаларга ОИВ инфекцияси юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар, хусусан, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ходимлари орасида ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини ҳамкорликда амалга ошириш шартлигини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Сурат манбаи: https://health.mail.ru/news/kak_ya_zhivu_s_vich_4_istorii/

Янгилик билан ўртоқлашиш: