Ўзбекистонда ОИВ инфекциясига қарши дозорли эпидемиологик назорат ўтказилмоқда
Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда республикада ОИВ инфекциясининг тарқалганлик даражасини ўрганиш мақсадида ОИВ инфекциясига қарши дозорли эпидемиологик назорат (ДЭН) ўтказилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Соғлиқни-сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, ДЭН ОИВ тарқалиши устидан серологик назоратга ва юқиш хавфи даражаси юқори бўлган аҳоли гуруҳлари – инъекция орқали гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар, мукофот эвазига интим хизмат кўрсатувчилар, Тошкент шаҳридаги эркаклар билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар орасида ўтказилади.
Услуб ОИВ тарқалиши устидан серологик назорат ўтказишни тақозо қилади.
ДЭН ўтказиш режасига мувофиқ, 2015 йилнинг 5 августидан Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ДЭНнинг дала босқичи бошлаб юборилди. Республика бўйича тадқиқотнинг ўтказилиши Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг эпидемиологик мониторинг бўлими мутахассислари томонидан доимий равишда мувофиқлаштириб борилмоқда.
Тадқиқот натижалари ОИВнинг текширилган гуруҳлар ўртасида тарқалганлигини ва профилактик дастурлар самарадорлигини аниқлаш, эпидемия босқичини белгилаш ва уни енгиб ўтиш бўйича хатти-ҳаракатларни режалаштириш, шу билан бирга, мамлакатдаги вазиятни тахминий башорат қилиш имконини беради.
Эслатиб ўтамизки, иккинчи авлоди ДЭН усули Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 4 февралдаги “Республиканинг барча маъмурий ҳудудларида дозорли эпидемиологик назоратни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 2003 йилги буйруғига мувофиқ ўтказилмоқда.


