Ўзбекистонда округ сайлов комиссияларининг биринчи мажлислари бўлиб ўтди
Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – 25-27 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг биринчи мажлислари бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Округ сайлов комиссияларининг мажлисларида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастуридан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди”, - деб таъкидланади МСК хабарида.
Мажлисларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини амалга ошириш борасида комиссия аъзолари олдида турган муҳим, хусусан сайлов участкаларини тузишга оид вазифалар ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, мажлисларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, округ сайлов комиссияларининг матбуот марказларини тузиш ҳақида қарорлари қабул қилинди.