Ўзбекистонда октябрь ойида қарийб 5 млрд сўмлик газ ўғирланган

Дата: 16:52, 01-11-2019.

Тошкент. 1 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда октябрь ойида қарийб 5 млрд сўмлик газ ўғирланган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Октябрь ойида "Ўзнефтгазинспекцияси" томонидан республика бўйича аҳолига газ таъминоти ва суюлтирилган газ етказиб беришга ноқонуний уланиш юзасидан навбатдаги тадбирлар ўтказилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, етказилган зарар 4 млрд 778 млн сўмни ташкил этади", – дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, 1 октябрдан – 25 октябргача бўлган кунлари бутун республика бўйлаб ўтказилаётган тадбирлар натижасида жами 4 млн 209 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланган 208 улгуржи истеъмолчи 3 млрд 885 млн. сўмдан зиёд миқдори аниқланди.

“Фарғона ва Жиззах вилоятларида энг жиддий ҳуқуқбузарликлар аниқланди. "Зафаробод агроэкспорт" ва "Қувасой шаффоф оҳак" корхоналарига тегишли оҳак ишлаб чиқариш цехларида жами 1 млн 873 минг куб метр табиий газни ноқонуний истеъмол қилиш ҳажми 1 млрд 690 млн сўмдан ортиқни ташкил этди” – дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида газ таъминоти тизимига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланди. "Вайт керамик" МЧЖга тегишли керамик буюмлар ишлаб чиқариш цехида 25 минг куб метрдан ортиқ табиий газ ноқонуний ишлатилган. Умуман, пойтахтимиз вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳажми 107 минг куб метрни ташкил этди.

Навоий вилоятида омборларда етишмовчилик, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан суюлтирилган газни ўзлаштириш аниқланди, бу каби ҳолатлар эса кўрсатилган зарар ҳажми 54100 кг эканлигини кўрсатди.

2019 йил бошидан буён табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги ва суюлтирилган газни газ баллонларида етказиб бериш, сақлаш ва тақсимлашда 200 дан ортиқ фактлар аниқланган.

Материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Сурат манбаи: minenergy.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: