Ўзбекистонда Олимпиада ғолиб ва совриндорларига пул сертификатлари ва автолар калитлари топширилди

Дата: 17:33, 29-08-2016.

Тошкент. 29 август. ЎзТАГ – “Олимпия шон-шуҳрати” музейида Рио-2016 Олимпиадаси қахрамонларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МОҚ Facebookдаги саҳифасида маълум қилинишича, спортчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номидан пул мукофотлари, Миллий Олимпия қўмитаси номидан Chevrolet Malibu автомобиллари тантанали вазиятда топширилди.
Маълумки Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган қарорга мувофиқ, Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлган спортчилар $200 минг, кумуш медал соҳибларига $100 минг ва ниҳоят бронза медалини қўлга киритган ҳамюртларимиз $75 минг миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилиши кўзда тутилган эди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон олимпиа термаси 13 совринни қўлга киритган ҳолда 207 мамлакат орасида 21-, МДҲда эса 2- ўринни эгаллади. Булар 4 олтин (Руслан Нурудинов, Ҳасанбой Дўсматов, Шахобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғойибназаров), 2 кумуш (Шахрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев) ва 7 бронза (Ришод Собиров, Диёрбек Ўрозбоев, Рустам Тўлаганов, Елмурат Тасмурадов, Муроджон Аҳмадалиев, Магомед Ибрагимов ва Ихтиёр Наврўзов) медаллардир.
XXXI ёзги Олимпиа ўйинлари Рио-де-Жанейрода 5-21 августда бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: