Ўзбекистонда Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича ягона марказ ташкил этиш режалаштирилмоқда

Дата: 10:38, 05-09-2019.

Тошкент. 5 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича ягона марказ ташкил этишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриш борасидаги ишларни кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди", - дейилади давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, спортчиларни тезда тиклаш учун фармакологик ёрдам керак. Аммо мамлакатда спорт фармакологияси соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмаяпти, янги дори воситаларини яратиш учун илмий изланишлар йўқ, шунингдек, ушбу соҳанинг малакали мутахассислари йўқ. Кўпчилик атлетлар допинг бўлмаган қандай моддалардан фойдаланиш мумкинлиги билмайди.

"Спорт федерацияларининг ҳеч бири терма жамоа аъзоларини мусобақаларга тайёрлаш ва уларни тиклаш жараёнини мониторинг қилиш бўйича кенг қамровли комплекс лабораторияга эга эмас. Шундан келиб чиқиб, тегишли вазирликларга спорт фармакологиясини ривожлантириш, спорт федерацияларида комплекс лабораторияларни ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифаси қўйилди. Хорижий мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича ягона марказ ташкил этиш таклиф этилди", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 2020 йил Токиода (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг қониқарсиз ҳолати, бир қатор спорт федерациялари ва ҳокимликлар томонидан юқори натижаларга эришаётган спортчилар учун шароит яратишга етарлича эътибор берилмаётгани танқид қилинди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: