Ўзбекистонда Олий судялар кенгаши ташкил этилади

Дата: 18:22, 08-02-2017.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Олий судялар кенгаши, маъмурий судлар ташкил этиш, судя ёрдамчиси лавозимини таъсис этиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Бу 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” номли иккинчи йўналишида акс этган.   

Иккинчи йўналиш суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришни кўзда тутади. Хусусан, судяларнинг қарорлар қабул қилишда мустақиллигини таъминловчи Олий судялар кенгаши ташкил қилиш, малакали судялар корпусини шакллантириш, судяларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш режалаштирилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини тузиш, судья ёрдамчиси лавозимини таъсис этиш орқали судларни келгусида ихтисослаштириш ва уларнинг девонини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. 

Сансалорликка ва ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инстанция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан юқори суд инстанцияларининг ваколатларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. 

Эслатиб ўтамизки, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан 2017 йил 7 февралда тасдиқланган. Унда 5 устувор йўналиш белгиланган бўлиб, уларнинг ҳар бири республикада ислоҳот ва янгиланишларни янада чуқурлашириш бўйича аниқ бўлимларни ўз ичига олади.

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда амалга оширилиб, уларнинг ҳар бири бўйича йил номланишидан келиб чиққан ҳолда алоҳида бир йиллик давлат дастурини тасдиқлашни назарда тутади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: