Ўзбекистонда олий таълим соҳасида экстерн услубида ўқиш чегараланди

Дата: 15:39, 10-02-2015.

Тошкент. 10 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда олий таълим соҳасида экстерн услубида ўқиш чегараланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумотлар Norma.uz сайтида эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 январдаги қарори билан Давлат олий таълим муасасаларида экстерн услубида таълим олиш амалга оширилмайдиган бакалавриат таълими йўналишлари рўйхати тасдиқланди. Улар орасига махсус жиҳозланган лабораторияларда ўқишни талаб қилувчи, шунингдек, малака амалиёти ишлаб чиқаришда ўтказилиши зарур бўлган ўқув жараёнлари йўналишлари киради.

Бундан ташқари, хужжатда давлат олий таълим муасасаларида магистрлик бўйича барча йўналишларда экстерн услубида таълим олиш амалга оширилмаслиги белгиланган.

Эслатиб ўтамизки, олий таълим тизими давлат дипломи билан тасдиқланган бакалавриат ва магистратура босқичларидаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлайди.

Бакалавриат – маълум бир олий таълим йўналиши бўйича камида тўрт йил давомида фундаментал билимлар берувчи асос олий таълимдир.

Магистратура эса – маълум бир йўналишдаги бакалавриат асосида икки йил давомида қўшимча таълим олишдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: