Ўзбекистонда она сути ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланди
Тошкент. 24 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда она сути ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Президент 2019 йил 23 октябрдаги "Она сути билан озиқланишни қўллаб-қувватлаш ва чақалоқлар ҳамда ёш болалар учун озиқ-овқат талаблари тўғрисида"ги 574-сонли қонунга имзо чекди. Қонунга кўра, чақалоқлар ва эрта ёшдаги болалар учун она сути ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилишга йўл қўйилмайди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, она сути ўрнини босувчи ҳар қандай маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотда она сутининг фойдалари ва устунлигини кўрсатиши керак.
Шунингдек, давлат муассасалари ва ташкилотларида, автовокзалларда, аэропортларда ва темир йўл вокзалларида, маданий-кўнгилочар муассасаларда болаларни эмизиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши лозим.
Шу билан бирга, республика ҳудудида амалга ошириш учун мўлжалланган чақалоқлар ва ёш болалар учун ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сертификатланган ҳамда сифат ва хавфсизлик талабларига жавоб бериши керак.
Сурат манбаи: sehatok.com