Ўзбекистонда “онлайн” назорат-касса машиналарини жорий қилиш муҳокама қилинмоқда

Дата: 16:52, 09-04-2018.

Тошкент. 9 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси томонидан “онлайн” режимида ишловчи назорат-касса машиналарини жорий қилиш бўйича видео-конференция ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ДСҚ матбуот хизматининг маълумотига кўра, ушбу таклиф бугунги кунда муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш Концепциясида ҳам тақдим этилган. 2017 йил 29 сентябрда мамлакат Президентининг “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3300-сонли қарори қабул қилинган.

“Онлайн” назорат-касса машиналарини қўллаш амалиёти Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида жорий қилинган бўлиб, ўтган вақт давомида унинг афзаллик ва камчиликлари ўрганилди.

Фискал хотирали “онлайн” назорат-касса машиналарини амалиётга жорий қилиниши савдо қоидаларига риоя этилишини тартибга солиш билан бир қаторда, солиқ назорати жараёнини автоматлаштириш имконини беради.

“Онлайн” назорат-касса машиналари тадбиркорлик субектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилишининг олдини олади.

Бу турдаги назорат-касса машиналарининг чекларида харид қилинган маҳсулот рўйхати, нархи, сони, чек ва касса аппарати рақами ва бошқа маълумотлар акс эттирилади ҳамда QR-код ёрдамида қоғоз чекидаги маълумотларни электрон маълумотлар билан солиштириш имконияти мавжуд бўлади.

Ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар назорат-касса машиналарининг фискал хотирасида сақланади. Онлайн назорат-касса машиналаридан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва Давлат солиқ қўмитасига узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, улар алоҳида турдаги маҳсулотларнинг ҳудудлар кесимидаги нархларини, савдо ҳажмини таҳлил қилиш, нархларнинг сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши ҳолатларини ўрганиш имконини беради.

Сурат манбаи: http://2016-god.com/novye-kassovye-apparaty-s-2016-goda/

Янгилик билан ўртоқлашиш: