Ўзбекистонда Open Data Challenge 2016 конкурси бошланди
Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда очиқ маълумотлар асосида иловалар яратиш бўйича анъанавий танлови – Open Data Challenge 2016 бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Танлов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, БМТ "Тараққиёт дастури"нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамкорлигида ташкил этилган.
Open Data Challenge доирасида дастурчи, дизайнер ҳамда журналистлардан ташкил топган ИТ-жамоалар давлат очиқ маълумотларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиққан дастурий маҳсулотлари, лойиҳаларини яратишда беллашадилар.
Натижада ғоя сифатида тақдим қилинган лойиҳалардан молия, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, экология соҳаларида янги веб-, мобил ишланма, интерактив хизматлар, инфографика ва мақолалар яратилади.
Танловнинг асосий шарти – яратилажак маҳсулот, яъни илова, хизмат, инфографика ҳамда маълумот Open Data Challenge 2016 мобайнида яратилган ва унгача тайёрланмаган бўлиши керак.
Танловга такдим этилган барча лойиҳалар 27 ноябр куни давлат идоралари ва жамоатчилик, бизнес вакиллари, мустақил экспертлардан иборат танлов ҳакамлар ҳайъати эътиборига тақдим этилади. Ғолиблар Очиқ маълумотлар асосида яратилган энг яхши ижтимоий лойиҳа (мобил ва веб-илова), Очиқ маълумотлар асосида яратилган энг яхши бизнес лойиҳа (мобил ва веб-илова) ва Очиқ маълумотлар асосида яратилган энг яхши ижодий иш (инфографика ва мақола) номинациялари бўйича аниқланади.