Ўзбекистонда "Оскар" мукофоти учун аризаларни қабул қилиш бошланди

Дата: 15:23, 27-08-2019.

Тошкент. 27 август. ЎзТАГ - Ўзбекистонда "Оскар" мукофотига ариза қабул қилиш бошланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Оскар қўмитаси "Энг яхши халқаро бадиий фильм" номинацияси бўйича "Оскар" мукофоти учун Ўзбекистондан номзод фильмни танлашда иштирок этиш учун аризалар қабул қилишни эълон қилди. Аризаларни қабул қилиш 27 августдан 12 сентябргача Ўзбекистон миллий кинокомиссияси қўмитасининг мувофиқлаштирувчи марказида бўлиб ўтади.

Қайд этилганидек, кейинги босқич – танланган фильмларни кўриш 13-14 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон ўз номинациясида "Оскар" мукофотига номзод бўлган фильмнинг расмий эълони 16 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Танловда 40 дақиқаликдан кам бўлмаган фақатгина бадиий тўлиқ метражли фильмлар билан қатнашиш мумкин. Фильмнинг асосий тили инглиз тили бўлмаслиги керак.

Кинотеатрларида дастлабки ижарага беришдан олдин номзод кинони телевидениеда ёки интернетда эфирга узатиш, DVDда чиқариш тақиқланади, аммо аввалроқ бўладиган кинофестивалларда иштирок этишга рухсат берилади. Шунингдек, фильм 2018 йил 1 октябрдан 2019 йил 30 сентябргача бўлган ва камида 7 кун кетма-кет давом этган даврда ижарага берилиши керак.

"Оскар" мукофотининг 92-маросими Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) машҳур «Dolby» театрида 2020 йили 9 февраль куни бўлиб ўтади.

 

Сурат манбаи: aif.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: