Ўзбекистонда ота-оналарнинг болалар тарбияси учун масъулиятини ошириш режалаштирилмоқда

Дата: 17:19, 04-08-2016.

Тошкент. 4 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий суди томонидан “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Газиев бошқарган мажлисда мухокама қилинди.

Таъкидланишича, янги хужжатдан кўзланган асосий мақсад – болаларнинг соғлом ва ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишида ота-оналар масъул эканлиги, улар ўзларининг вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ҳар доим ижтимоий таъминлашга мажбурлигига судлар эътиборини қаратишдан иборатдир. 

Хужжатнинг қабул қилиниши, ушбу соҳадаги қонун меъёрлари тўғри татбиқ этилиши бўйича ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир 8 конституциявий қонун, 16 кодекс ва 650дан ортиқ қонун қабул қилинган. Бу қонун ҳужжатлари инсон, хусусан, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Кейинги етти йилда мамлакатимизда Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини инобатга олган ҳолда қарийб 20 қонун қабул қилинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: