Ўзбекистонда ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш меъёрлари қонунан белгилаб қўйилади

Дата: 19:39, 09-03-2015.

Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ота-оналарнинг болаларни салбий ахборотлардан муҳофаза қилиш меъёрлари қонунан белгилаб қўйилади. Бу ҳақида депутатлар томонидан “Болаларни уларнинг соғлиғи ва маънавий-ахлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамаси доирасида айтиб ўтилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қуйи палатадан хабар қилишларича, муҳокама Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган.

Депутатлар қонун лойиҳасининг болаларни уларнинг руҳиятига зарар етказадиган, жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, оммавий ахборот манбаларида зўравонлик, ахлоқсизлик ҳамда шафқатсизликни тарғиб қилишга йўл қўймасликка қаратилган амалий-ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни назарда тутишини таъкидладилар.

Депутатларнинг фикрига кўра, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг амалиётга жорий этилиши болаларнинг жамиятга қарши тажовузкор ва бошқа кўринишдаги хатти-ҳаракатларининг олдини олишга ёрдам беради.

Бўлажак қонун иккинчи ўқишга таклиф этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: